Фестивал 2017 иштирокчилари

Иштирокчилар рўйхатига қайтиш

ЛИМБРАНТ ХАЛҚ МУСИҚАСИ АНСАМБЛИ

Белгия

Лимбрант ансамблини ташкил этиш ғояси ҳамфикр мусиқачилар, анъанавий халқ маданияти ишқибозларига тегишли. 2003 йилда айнан уларнинг ташаббуслари билан ташкил этилган ушбу ансамблда бугунги кунда олтита мусиқачи фаолият олиб бормоқда. Жамоа анъанавий фламанд – Бельгия халқ мусиқасини ижро этишга ихтисослашган. Бундай қатъий эстетик танлов Бельгия ва ундан ташқаридаги мутахассислар ва томошабинлар томонидан юқори баҳоланиб келмоқда. Айнан мана шундай дастур орқали Лимбрант жамоаси Европа давлатларидаги (ва ундан ташқаридаги) турли этник анъаналар ва бошқа услубларни қориштириб юбораётган фольклор жамоаларидан ижобий ажралиб туради. Лимбрант жамоаси ўз фаолияти даврида Бельгиянинг Фландрия ва Валлония вилоятларида жуда кўп концертлар, чет давлатлардаги бир қанча фестивалларда ўз ижролари билан олқишларга сазовор бўлди. Улар орасида –Санкт-Шартье фестиваллари (Saint-Chartier, Франция), Della Zampogna de Scapoli (Италия) халқаро фестивали, Габроводаги болқон ёшлари фестивали (Болгария), Витебскдаги Славян бозори фестивали (Беларусь), Domažlice ва Strakonice фестивали (Чехия), Лапландиядаги Saltoluokta фестивали (Швеция) айниқса, аҳамиятли. Ансамбль Арманистон, Чувашия ва Марий Эль (Россия Федерацияси) республикаларида муваффақиятли концертлар ташкиллаштирди. Бундан ташқари жамоанинг NPRO радиоси учун, Париждаги “Радио Франция” учун, Нью-Йоркдаги Талия театрида Дунё мусиқаси институти учун ҳамда Венадаги “Моцарт” залида ижро этган концерт дастурлари алоҳида аҳамиятга эга. Лимбрант ансамбли дастури анъанавий фламанд ва Белгия халқ мусиқасидан иборат бўлиб, XVIII асрнинг иккинчи ярмида Бельгияда машҳур бўлган бир қатор контрдансларни ҳам ўз ичига олади. Ансамбль репертуарининг катта қисми унинг асосчиси Хуберт Боон томонидан ёзиб олинган ва ижро учун қайта ишланган. Хуберт Боон ҳозирги кунда ҳам ўз изланишларини давом эттириб Бельгия мусиқий мероси намуналарини топиш ва қайта тиклаш ишларини олиб бормоқда.